Jump to content

Эшитиш

From Vikipediya
Эшитиш

Эшитишодам ва ҳайвонлар организмининг товуш тебранишларини қабул қилиш хусусияти; механик, рецептор ва нерв тузилмаларидан ташкил топган эшитиш анализаторлари фаолияти туфайли рўй беради. Товуш таъсирида одамда товуш сигналлари параметрини акс эттирувчи Э. сезгиси пайдо бўлади; бунинг натижасида товуш тебранишлари частотаси товуш баландлиги тарзида қабул қилинади. Организмларнинг Э. хусусияти улар эволюцион ривожланиши, яшаш муҳити ва товуш сигналларининг биологик аҳамияти билан боғлиқ (қаранг Биоакустика). Эволюция жараёнида Э. системаси дастлаб ҳашаротларда, кейинроқ барча умуртқалиларда пайдо бўлган. Э. сут эмизувчиларда айниқса яхши ривожланган. Товуш тебранишлари ташқи Э. йўли (ташқи қулоқ) орқали ўтиб, ноғора пардани тебратади. Тебранишлар ўрта қулоқдаги суякчалар орқали ички қулоқ суюқлиги (перилимфа ва эндолимфа)га ўтади. Пайдо бўлган гидромеханик тебранишлар чиғаноқ тўсиғи (асосий, яъни базиляр мембрана)ни ва унда жойлашган рецептор аппарат (Корти органи)ни тебратади. Базиляр мембрананинг механик хусусияти унинг узунлиги бўйлаб бир хил бўлмайди: юқори частотали тебранишлар базиляр мембрананинг ички қулоқ чиғаноғи асосида, паст частотали тебранишлар эса унинг учки қисмида максимал амплитудага эга бўлган тебранишларни пайдо қилади. Шундай қилиб, Корти органида товуш тебранишлари механик энергияси рецепторларни қўзғатади, қўзғалиш рецепторлардан Э. нервлари толаларига берилади. Нервларда пайдо бўлган биоэлектр потенсиаллар Э. системаси маркази бўлимига ўтказилади. Э. сигналлари фақат ҳаво орқали эмас, балки калла суяклари орқали ҳам ички қулоққа ўтказилиши мумкин.

Э. сезгирлиги Э.нинг абсолют чегараси орқали баҳоланади. ��у чегара товушнинг Э. мумкин бўлган минимал интенсивлиги дицибал (дб) ҳисобида белгиланади. Қабул қилинадиган товуш тебранишлари частотаси диапазони Э. эгри чизиғи, герс ёки килогерс билан ифодаланади. Одам 10—20 гс дан 20 кгс гача бўлган товуш тебранишларини қабул қилади, 10 гс дан паст тебранишли товушлар узлуксиз товуш тарзида қабул қилинмайди. Одамда Э.нинг энг қуйи чегараси 1—3 кгс частотага тенг. Жуда юқори тебранишли товуш тўлқинлари — шовқин (мас, 140 дб оғриқ пайдо қилади; 150 дб товушга одам чидай олмайди). Ҳар хил ҳайвонлар турли диапазондаги товуш тўлқинларини (мас, ҳашаротлар 0,2 кгс — 500 кгс, балиқлар 50—100 гс — 3—5 кгс, делфинлар 100 гс —200 кгс) қабул қилади. Умуртқали ҳайвонлардан қушларнинг Э. сезгирлиги судралиб юрувчиларникидан, сут эмизувчиларники қушлар ва судралиб юрувчиларникидан юқори бўлади.

Товушни фарқлаш имконияти дифференсиал чегара, яъни Э. мумкин бўлган товуш ўзгаришининг минимал чегараси (интенсивлиги ёки частотаси) билан белгиланади. Одамда товушни фарқлаш дифференсиал чегараси (ўртача диапазонда) интенсивлик бўйича 0,3—0,7 дб, частота бўйича 2— 8 гс га тенг. Товуш сигналлари кучайиши билан товушни фарқлаш ҳам кучаяди, унинг дифференсиал чегараси эса камайиб боради. Бундай ҳолат нутқ сигналлари ва мусиқа оҳангларини қабул қилишда ҳам намоён бўлади. Одамни мусиқа оҳанглари абсолют баландлигини аниқлай олиш қобилияти абсолют Э. дейилади. Бошқа бегона товушлар таъсирида товушни қабул қилиш хусусияти ёмонлашуви, ҳатто бутунлай йўқолиши мумкин (ниқобланиш ҳодисаси). Кучли товушлар узоқ вақт давомида таъсир этганида Э. сезгирлиги пасаяди (физиологик адаптация). Э. системаси иккала симметрик жойлашган қисмларининг ўзаро таъсири товуш манбаини аниқлашга имкон беради (бинаурал эффект). Бир қанча ҳайвонлар (кўршапалаклар, делфинлар, айрим қушлар) объектларнинг фазода жойлашган ўрни, шакли, ўлчамини аниқлашга имкон берадиган махсус Э. системаси — эхолокация хусусиятига эга. Улар ўзлари чиқарган ва объектдан қайтадиган сигналларни қабул қилишади. Э.нинг физиологик механизмлари узилкесил ҳал этилмаган;Ад.:Свикер Э., Фелдкеллер Р., Ухо как приёмник информации, пер, с нем., М., 1971; Физиология сенсорнмх систем, ч. 2, Л., 1972; Алматов К.Т., Алломурадов Ш., Умумийфизиология,Т., 2004.