Jump to content

Мексика

From Vikipediya
Мексика Қо`шма Штатлари
Эстадос Унидос Мехиcанос
ШиорЙўқ
Мадҳия: Ҳимно Наcионал Мехиcано
(Мексика Давлат Мадҳияси)
Лоcатион оф Мексика
Пойтахт Мехико шаҳри
Расмий тил(лар) Испанча
Ҳукумат Президентлик Республика
Андрéс Мануэл Лóпез Обрадор
Мустақиллик (Испаниядан)
• Сана
27-сентабр 1821
Майдон
• Бутун
1,972,550 км2 (14-ўрин)
• Сув (%)
2.5
Аҳоли
• 2002-йилги рўйхат
106,202,903 (11-ўрин)
• Зичлик 53/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2005-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$1,068,000 мил. (12-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$10,056
Пул бирлиги Мехиcан Унидад де Инверсион (УИД) (МХВ)
Вақт минтақаси УТC−8...−5
• Ёз (ДСТ)
УТC−7...−5
Қисқартма МХ
Телефон префикси 52
Интернет домени .мх

Мексика (Мехико), Мексика Қўшма Штатлари (Эстадос Унидос Мехиcанос) — Шимолий Американинг жанубий қисмида жойлашган давлат. БМТ аъзоси. Майдони 1958,2 минг км². Аҳолиси 129,875,529 киши (2023). Пойтахти — Мехико шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 31 штат ва 1 пойтахт федерал округига бўлинади.

Давлат тузуми

[edit | edit source]

М. — федератив республика. Мексика Қўшма Штатларининг 1917-йил 5-февралдаги Сиёсий Конституцияси амал қилади, унга кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (2000-йилдан Ви-сенте Фокс Кесада), у умумий тўғри овоз бериш йўли билан 6 йил муддатга сайланади. Конституцияга биноан, президент қайта сайланиши мумкин эмас. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий конгресс (2 палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент амалга оширади.

Табиати

[edit | edit source]

М. қирғоқлари кам парчаланган, энг катта ярим ороллари — Калифорния ва Юкатан. Тинч океандаги бир неча орол ҳам М. таркибига киради. Мамлакат ҳудудининг катта қисмини Мексика тоғлиги (аксарият баландлиги 1000–2000 м, энг баланд жойи — ҳаракатдаги Орисаба вулканлари — 5700 м) эгаллайди. Соҳилга яқин жойлари пасттекислик. Мексика қўлтиғида нефтгазли ҳавза, Мексика тоғлигида рангли металл рудалари (мис, қўрғошин, пйх, кумуш, симоб, маргимуш, сурма, кадмий, висмут, қалай, волфрам, олтин), мамлакатнинг Шимоли-шарқида тошкўмир, темир ва уран рудалари, олтингугурт конлари бор. Иқлими тропик, шимолида субтропик иқлим. Январнинг ўртача температураси 10°—25°, июлники 15°—30°. Йиллик ёғин тоғ ён бағирларида эса 2000–3000 мм.

Жануби-шарқида дарёсойлар кўп, шимоли-ғарбида кам (Юкатан ярим оролда умуман оқар сув йўқ). Йирик дарёлари: Рио-Гранде (Рио-Браводел-Норте), Лерма (қуйи оқимида Рио-Грандеде Сантяго деб аталади), Балсас, Грихалва — Усумасинта даре системаси. Энг катта кули — Чапала. Шимоли-ғарбида, асосан, бўз тупроқ ва чўлга хос оддий тупроқлар; тоғликларда суржигарранг, жигаррранг, саванна қизил тупроқлари ва тоғ-ўрмон қўнғир тупроқлари, пасттекисликларда суржигарранг, саванна қизил тупроқлари ва ботқоқ тупроқлари учрайди.

Ўсимликлари жуда хилма-хил. М.да ўсимликларнинг 12 мингга якин тури бор; шулардан 2/3 қисми эндемик ўсимликлардир. Мексика тоғлигининг шимолий каттароқ қисмида узига хос ксерофил ўсимликлар, шунингдек, мимозадош буталар ўсадиган чала чўл ва чўллар асосий ўрин тутади. Тоғлиқнинг жанубий қисмида ва бу ерларни ўраб олган пасттекислик соҳилларида бошоқлилар ва сертикан буталардан иборат саванна ўсимликлари, тоғларда баргли ва аралаш ўрмонлар (дуб, граб, жўка, карагай, оққарағай ва бошқалар) усади; М.нинг жанубий ва жануби-шарқий қисмларида аксари тропик ўрмонлар, шарқий ён бағирларида доим яшил сернам ўрмонлар, ғарбий ён бағирларида игна баргли, тоғ этакларида барг тўкадиган ўрмонлар бор.

Ёввойи ҳайвонлардан чала чўл ва чўлларда кемирувчилар — ер қазир (ер сичқон), коёт (яйлов бўриси), Мексика тоғлиги ўрмонларида қора айиқ, енот, кизил силовсин, пума, саванналарда буғу, чумолихўр, жайра, жанубийдаги тропик ўрмонларда маймуннинг 2 тури, тапир, ягуар учрайди. Ҳайво-нот, ўсимлик дунёси ва бошқа ноёб жойларни қўриқлаш мақсадида 50 дан кўпроқ боғ ташкил этилган. Энг йириклари: Кумбреоде-Монтеррей, Серраде-Сан-ПедроМартир, Кан-онделрио Бланко ва бошқа

Аҳолиси

[edit | edit source]

Аҳолисининг купи мексиканлар бўлиб, улар индейс кабилалари ва элатлари, Европа (асосан, Испания)дан кучиб келганлар ва плантацияларда ишлатиш учун келтирилган африкаликлардан иборат. Аҳолининг ярмидан ортиғи аралаш никохдан туғилган метис ва мулатлардир. Туб индейс халқлари ўз тиллари ва маданиятларини қисман сақлаб қолган. Испанлар, басклар, немислар, франсузлар, италянлар ва бошқа ҳам бор. Расмий тил — испан тили. Диндорларнинг 96% католиклар. 73% аҳоли шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Мехико, Гвадалаҳара, Монтеррей, Леон, Сюдад-Хуарес.

Тарихи

[edit | edit source]

М. ҳудудида одам юқори палеолит (милоддан 20—15 минг йил олдин) давридан яшайди. Бу ерда турли даврларда Ғарбий ярим шардаги энг ривожланган сивилизациялардан бири мавжуд бўлган. Милоддан аввалги 1минг йиллик ўрталаридан аҳоли ўтроқ ҳаёт кечира бошлаган, деҳқончилик, ҳунармандчилик, санъат тараққий этган. Милод бошларида Марказий Американинг шимоли-ғарбий қисмида майя қабилалари яшаган. 1минг йилликнинг 2-ярмида Марказий М.да толтеклар хийла юксак маданият яратдилар. Лекин бу маданиятни 2-минг йилликнинг бошларида науа қабилалари барбод қилди. Науа қабилалари орасида ацтеклар ҳам бор эди, улар ҳозирги Мехико шаҳрини барпо этдилар ва 14-асрда йирик давлат туздилар, бу давлат 15-асрда Марказий ва Жанубий М.нинг энг қудратли давлатига айланди. Бу ерда деҳқончилик, ҳунармандчилик, қурилиш техникаси, тасвирий санъат бирмунча ривож топди. 1517-йил М.ни испанлар босиб ола бошладилар. 16-аср охирига келиб М. худуди бутунлай забтетилди. Янги Испания вицеқироллиги тузилди, бутун ҳокимият испан заминдорлари қўл остига ўтди. Маҳаллий аҳолининг аксар қисми ўз ерларидан маҳрум этилди, мустамлака ҳокимлари, заминдорлар ва католик черковига тобе бўлиб қолди. Очарчилик, касалликлар кўплаб индейсларнинг ёстиғини қуритди (испанлар забт эта бошлаган пайтда 25 млн.га яқин индейс бўлган бўлса, 1605-йилга келганда 1млн. дан сал ортиқ индейс қолди). Ишчи кучи етишмай қолгач, Африкадан кўплаб негр қуллар келтирила бошлади. Мексика саноатининг ривожланишига турли йўллар билан тўсқинлик қилинди, кўпчилик экинларни экишни тақиқлаб, туз, порох, тамаки маҳсулотлари сотиш давлат монополиясига айлантирилди. Маҳаллий халқ мустамлакачиларга қарши бош кўтариб бир неча бор қўзғолон қилди. Иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши ва ички бозорнинг вужудга келиши, миллий онгнинг уйғониши таъсирида 19-асрнинг бошларида мексикан миллати таркиб топа бошлади.

Америкадаги испан мустамлакаларининг мустақиллик учун олиб борган уруши даврида (1810—26), хусусан, 1810—15 йилларда М.да М. Идалго ва Х. М. Морелос раҳбарлигида деҳқонлар қўзғолони бўлиб ўтди, бу қўзғолон ша-фқациз бостирилди. Испаниядаги 1820—23 йиллар инқилоби ва Жанубий Америкадаги Испания мустамлакалари ватанпарварларининг муваффақиятлари М.да халқ озодлик ҳаракатининг янгидан кўтарилишига сабаб бўлди. А. Итербуде бошчилигидаги ҳаракат кенг халқ оммаси томонидан кўллаб-қувватланди. 1821-йил М. мустақил давлат, 1824-йил эса республика деб эълон қилинди. 1845-йил АҚСҲ Техасни, 1846—48 йиллардаги Америка-Мексика уруши натижасида мамлакат ҳудудининг қарийб ярмини босиб одди. М.га қарши уюштирилган Англия-Франсия-Йспания интервенсияси мексикан халқининг қаҳрамонона қаршилигига учраб, интервентларнинг мағлубияти билан тугади. 1877-80 ва 1884-1911-йилларда генерал П. Диас президент бўлиб турди; ана шу даврда фуқаролар озодлиги оёқ ости қилинди, конгресс ўз аҳамиятини йўқотди. 20-асрнинг бошларидан инқилобий юксалиш рўй бера бошлади. 1910-йилда деҳқонлар ҳаракати авж олиб кетди. Ф. Виля, Э. Сапата деҳқонлар ҳаракатининг энг йирик раҳбарлари эдилар. 1910—17 йилларда М.да инқилоб бўлиб ўтди. 1911-йил май ойида Диас режими ағдариб ташланди. Янги конституция қабул қилинди.

1929—33 йиллардаги жаҳон иктисодий бўҳрони даврида инқилобий ҳаракат кучайди ва миллий инқилобий партиянинг радикал қаноти вакили Л. Карденас-иделрио президент қилиб сайланди. Унинг ҳукумати (1934—40) му-ҳим ўзгаришлар қилди, ер ислоҳоти ўтказди.

Иккинчи жаҳон урушининг бошларида М. ҳукумати бетараф эканлигини билдирди; лекин 1942-йил май ойида фашистлар блокига қарши уруш эълон қилди. Урушдан кейинги йилларда М. иқтисодиёти юксала борди. Бироқ қишлоқда аҳвол ўзгармади. 60-йиллардан бошлаб Л. Матеос (1958—64) ва Д. Ордас (1964—70) ҳукуматлари миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш йўлини тутди. 1970-йилда ҳокимият тепасига келганЛ. Эчеверриа ҳукумати аҳволни яхшилаш учун ер ислоҳоти тўғрисида қонун (1971), янги сайлов қонуни (1972), маҳаллий капитал қўйилишини рағбатлантириш ва чет эл капиталини тартибга солиш тўғрисида қонун (1973) қабул қилди, давлат хизматчилари учун ҳафтасига 5 иш куни жорий қилди. М.нинг Ғарбий Европа мамлакатлари, Япония ва Лотин Америкасидаги бир қанча мамлакатлар билан ташқи савдо алоқалари кенгайтирилди.

1976-йилда сайланган президент Л. Портило ва айниқса, 1994-йилда сайланган Э. Седило ҳукуматлари саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга уринди. Аммо мамлакатнинг ташқи қарзи ошди, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш пасайди, экинзорлар қисқарди. 2000-йил "Ўнг марказчи алянс" блокидан Висенте Фокс Кесаданинг президент лавозимига сайланиши 1929-йилдан буён мамлакатни идора қилиб келаётган Институционинқилобий партиянинг ҳукмронлигига чек қўйди. Кейинги йилларда хўжалик бошқарувини маҳаллийлаштириш, давлатга қарашли норентабел корхоналарни қисқартириш, иқтисодиётнинг "очиклиги" ва тадбиркорлик фа-олиятини кучайтириш, ўзаро манфа-атли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш сиёсати ўтказила бошлади. М. 1991-йил 26-декабрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган ва 1992-йил 16-мартда у билан дипломатия муносабатлари ўрнатган. М. 1945-йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 16-сентабр — Мустақиллик эълон қилинган кун (1810).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари

[edit | edit source]

Институцион-инқилобий партия, 1929-йилда тузилган (1938-йилгача Миллийинқилобий партия, 1946-йилгача М. инқилобий партияси деб аталган, 1946-йилдан ҳоз номда); Кардениста миллий янгиланиш фронти партияси, 1972-йилда асос солинган; М. кўкатпарвар экология партияси, 1987-йилда тузилган; Демократик инқилоб партияси, 1989-йилда ташкил этилган; Миллий ҳаракат партияси, 1939-йилда тузилган. Касаба уюшмалари: Меҳнат конгресси, 1966-йилда тузилган; М. меҳнаткашлари конфедерацияси, 1936-йилда асос солинган; М. ишчилари минтақа конфедерацияси, 1918-йилда ташкил этилган; Ишчи ва деҳқонларнинг инқилобий конфедерацияси, 1952-йилда тузилган; М. ишчи ва деҳқонларининг Хасинто Лопес номидаги умумий иттифоқи, 1949-йилда асос солинган; Меҳнаткашларнинг инқилобий конфедерацияси, 1954-йил ташкил этилган; Давлат хизматчилари касаба уюшмалари федерацияси 1938-йил тузилган.

Хўжалиги

[edit | edit source]

М. — индустриал-аграр мамлакат. Лотин Америкасида иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатлардан бири. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 24,5%, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчиликнинг улуши 9%. М. пахта, шакарқамиш, кофе етиштиришда, нефт, газ, кумуш, рух, қўрғошин, олтингугурт, симоб қазиб олишда дунёда оддинги ўринларда туради.

Саноати

[edit | edit source]

Саноатида иқтисодий фаол аҳолининг 15,3% банд. Муҳим тармоқлари: кончилик, нефтни қайта ишлаш, нефт кимёси, металлургия, қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат, машинасозлик саноати. Нефтгаз саноати ва уларни қайта ишлаш корхоналари М. қўлтиғи соҳилида, кончилик ва металлургия саноати Мексика тоғлиги шимолида, ишлаб чиқариш саноати корхоналари йирик шаҳарларда жойлашган. Кумир саноати муҳим ўрин олади. Веракрус, Тампико, Минатитлан, Мехико ва Саламанка шаҳарлари нефт кимёсининг, Монтеррей, Монклова, Мехико атрофлари қора металлургия, Мехико, Веракрус, Кананеа, Чиуауа, Торреон шаҳарлари рангли металлургия, Мехико, Толука, Пу-эбла машинасозлик ва металл ишлаш саноатининг асосий марказларидир. Бундан ташқари, дизеллар, темир йўл вагонлари, автомобиллар, тўқимачилик машина-ускуналари, электротехника ва радиоэлектроника маҳсулотлари (шу жумладан, телевизорлар), станоклар, кемалар ишлаб чикаради. Энергетика, қурилиш ашёлари, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, тикувчилик, кўн-поябзал, озиқ-овқат саноати ҳам ривожланган. Ҳунармандчилик буюмлари ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият берилади. Йилига 89,5 млрд. кВцоат электр энергияси ҳосил қилинади (асосан, иссиқлик электр стансияларида).

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий фаол аҳолининг 27,8% банд, Қишлоқ хўжалиги аҳолининг эҳтиёжини асосан таъминлайди ва маҳсулотининг бир қисмини экспорт қилади. Ерларнинг ʻ/4 қисмига экин экилади, 3/4 қисми яйлов. Экин майдонининг 5,15 млн. га сунъий суғорилади. Ерларнинг кўп қисми қишлоқ хўжалиги жамоалари — эхидога қарашли. Асосий тармоқ — деҳқончилик. Экспорт учун пахта, кофе, ички эҳтиёж учун шакарқамиш, маккажўхори, оқ жўхори, буғдой, шоли, ловия, картошка, соя экилади. Помидор, ер ёнғоқ, эртаги сабзавот, ситрус мевалар, ананас ва бошқа бир қанча тропик ва субтропик экинлар экспорт аҳамиятига эга. Кўп миқдорда ёғоч тайёрланади. Чорвачилигида корамол, от, чўчқа, қўй ва эчки боқилади. Денгизларда балиқ ва денгиз жониворлари овланади.

Транспорт йўли уз. — 26,4 минг км, автомобил йўллари узунлиги — 242,3 минг км. 11 минг км нефт ва газ қувури бор. Барча штат ва шаҳарлари авиация ҳаво йўллари орқали туташтирилган. Мехико, Веракрус, Мерида, Монтеррейда катта аэро-портлар бор. Асосий денгиз портлари: Веракрус, Мехико, Тампико, Коаца-коалкос, Салина-Крус.

М. четга тайёр ва чала тайёр буюмлар, шунингдек, нефт ва нефт маҳсуолотлари, пахта, кофе, денгиз, кончилик саноати ва рангли металлургия маҳсулотлари чиқаради. Четдан чала тайёр буюмлар, машина ва асбоб-ускуналар, истеъмол моллари сотиб олади. Савдо-сотикдаги асосий мижозлари: АҚСҲ, Канада, Япония, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатлари. Чет эл туризми ривожланган. Пул бирлиги — М. песоси.

Тиббий хизмати

[edit | edit source]

М.да, асосан, давлат тиббий хизмат тизими йўлга қўйилган. Врачлар университетлар ҳузуридаги 4 та тиббиёт факултетида тайёрланади. Акапулко, Куэрнавака, Орисаба, Веракрус каби курортлари бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари

[edit | edit source]

Бошланғич мактабда ўқиш муддати — 6 йил, ўрта мактабда 5 ва 6 йил 6—15 ёшдаги болалар учун бошланғич таълим — бепул. Давлат мактабларидан ташқари, кўпгина хусусий мактаблар ҳам бор. Мамлакатда 189 та олий ўқув юрти, шу жумладан, 60 та университет мавжуд. Энг йириклари,: Мехикодаги М. миллий мухтор университети (1551), Миллий политехника институти (1936), Гвадалаҳара, Морелия, Пуэбладаги университетлар. Илмий муассасалари: М. тиллар академияси, М. тарих академияси (1940), Миллий табиий фанлар академияси (1884), Миллий тарих ва геогр. академияси (1925), М. миллий тиббиёт академияси (1864), ядровий, тиббийбиол. тадқиқот марказлари, Панамерика кимё институти, Миллий математика мактаби. 30 дан ортиқ бошқа илмий тадқиқот муассасалари ва 60 дан зиёд илмий жамият ва уюшмалар мавжуд. Мамлакатнинг энг катта кутубхонаси — Мехикодаги Миллий кутубхона (1833), бошқа шаҳар ва университетларда ҳам йирик кутубхоналар бор. Музейлари: Замонавий санъат музейи (1964), Миллий антропология музейи (1825), Миллий тарих музейи (1825), Санкарлос рангтасвир ва ҳайкалтарошлик галереяси (1785) ва бошқа

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. М.да 2 мингдан кўпроқ даврий нашр, шу жумладан, 227 та кундалик газ. чиқади. Энг нуфузлилари: "Диа" ("Кун", 1962-йилдан), "Ин-формадор" ("Хабарчи", 1917-йилдан), "Универсал" (1916-йилдан), "Уно мае уно" ("Бир плюс бир", 1977-йилдан), "Экселсиор" (1917-йилдан), "Эралдо де Мехико" ("Мексика хабарномаси", 1965-йилдан); Информасонес Мехиканас — Информекс Миллий ахборот агентлиги аксиядорлик жамияти бўлиб, 1960-йилда тузилган. Нотисиас Мехиканас — Нотимекс хукумат ахборот агентлиги бўлиб, 1968-йилда ташкил этилган. М.да мингдан кўпроқ радио ва 700 дан ортиқ телестансия бор. М.нинг етакчи "Телевиса" телекўрсатув тижорат консорсиуми 1973-йил тузилган. Миллий радио ва телевидение саноати палатаси 1942-йил ташкил этилган.

Адабиёти 16-асрга кадар туб жой индейс қабилалари тилларида, испанлар босиб олганидан кейин испан тилида ривожланди. Мустамлакачиликдан аввалги даврда майя (3—9-асрлар) ва ацтеклар (14—16-асрлар) адабиёти ғоят равнақтогши. Мустамлакачилик давридаги адабиёт европача анъаналар йўлидан борди. Халқ оғзаки ижодиёти ҳам узлуксиз ривожланиб адабиётга кучли таъсир этиб турди.

Испан гуманист маърифатпарвари Б. де Лас Касас адабиётнинг ривожида катта рол ўйнади. Испан тилида илк бор Э. Картеснинг "Испан қиролларига мак-тублар", Б. Диас дел Кастилонинг "Янги Испания истилочиларининг асл тарихи" асарлари вужудга келди. Б. де Валбуэнанинг "Мексиканинг латофати" достони (1604) М. мавзуидаги биринчи асар бўлди. 17-аср адабиётида шеърият асосий ўринни эгаллади. 18-асрда Р. Ландиварнинг "Мексика қишлоғи" (1781), Ф. Клавихеронинг "Мексиканинг қадимги тарихи" (1780—81) достонлари майдонга келди. Мустақиллик учун кураш йилларида (1810—24) А. Кинтан Роонинг инқилобий шеърлари шуҳрат қозонди (миллий мадҳия —"Ўн олтинчи сентабр" ва бошқалар). Х. Х. Фернандес де Лисарданинг "Перикило Сарниенто" романида мустамлакачилик тузуми қаттиқ танқид қилинди.

Мустақил М. адабиётида пайдо бўлган биринчи бадиий йўналиш романтизм эди. М. Акуня, Г. Приетонинг шеърлари ва М. Пайно ("Шайтоннинг найранглари"), Л. Инклан ("Астусиа...")нинг М. миллий мустақиллигини ҳаққоний ва бадиий тасвирлаган тари-хий романлари романтизм руҳида ёзилди. 19-асрда М. шеъриятида модернизм пайдо бўлди (М. Х. Отон, С. Диас Мирон, А. Нерво ва бошқалар)19-аср охирида, П. Диас диктатурам даврида насрий реалистик тамойил вужудга келди. Р. Делгадо, Х. Лопес Портило-и-Рохас романларида мамлакат ижтимоийсиёсий ҳаётининг қарамақаршилиги ва иллатлари фош этилди. 1910—17 йиллардаги буржуадемократик инқилоб М.да таракдийпар-вар адабиётнинг ривожланишига сабаб бўлди. М. Асуэланинг "Пастдагилар" (1916) романида курашаётган халқсиймоси ва оммавий ҳаракатлар акс эттирилган. М. Л. Гусман ("Бургут билан илон", 1928), Г. Лопес-и-Фуэнтес ("Ҳарбий лагер", 1931; "Менинг генералим", 1934) ва бошқа ёзувчиларнинг асарлари ҳам шу рухда ёзилди.

20-асрнинг йирик шоирлари (Р. Лопес Веларде, Э. Гонсалес Мартинес, К. Пелисер)нинг асарларида халқнинг маънавий ҳаёти ва миллий турмуши ёрқин акс эттирилган. М. насри 50-йилларнинг ўрталаридан яна юксала бошлади. Романнавислар миллий воқеликни бадиий тадқиқ қилишни чуқурлаштира бориб, умумбашарий муаммоларни кўтариб чиқди. А. Янеснинг "Жала олдидан", Х. Рулфонинг "Педро Парамо", Нобел мукофоти совриндори К. Фуэнтеснинг "Ўта тиниқ соҳа", "Артемио Круснинг ўлими", Росарио Кастеляноснинг "Зулматдаги ибодат" романлари ана шундай асарлардир. Кейинги йиллар адиблари ҳозирги замон миллий воқелигини ўрганиб, азалий инсоний муаммоларни янги шароитда ҳал этишга интилмоқда.

Меъморлиги

[edit | edit source]

Қад. даврда (16-асргача) М. ҳудудида индейслар маданиятининг қатор соҳалари равнақ топган. Милоддан аввалги 1минг йилликда меъморлик айниқса юксалди. М. марказий вилоятларида, жанубида ва Юкатан ярим оролда шаҳарлар бар-по этилди. Олмеклар маҳобатли иншо-отлар, қад. маданиятга эга бўлган майя халқи зинапояли эҳром (пирамида) шаклидаги улкан ибодатхоналар (Чолуладаги эҳром асосининг бир томони 440 м) ва рангбаранг нақшлар билан безатилган гумбазли бинолар қуришган.

Мустамлака даври (16—19-а, бошлари)да М.да шаҳарсозлик ривожланди. Бинолар испанча услубда қурилди, шу билан бирга, меъморликда маҳаллий анъана ҳам ўз аксини тодди. 17-асрдан бошлаб барокко услуби пайдо бўлди (Морелиядаги собор, 1640—1705; Ме-хикодаги Миллий сарой, 1692—99; Ла Професа черкови, 1714—20; Саграрио Метрополитано черкови, 1749—68; Гвадалаҳарадаги Санта-Моника черкови, 1720—33; Тласкала яқинидаги Санта-Мария де Окотлан черкови, 1745— 60 ва ҳ. к.).

19-асрда испан, италян ва франсуз усталари етакчи рол ўйнади. 19-асрнинг 2-ярми — 20-аср бошларида Мехикода йирик бинолар қурилди, янги магистраллар очилди. Бинолар бетон, темир, темирбетондан қурила бошлади. 1949— 54 йилларда Мехикода К. Ласо раҳбарлигида қурилган Университет шаҳарчаси 20-аср ўрталаридаги М. меъморлигининг энг яхши хусусиятларини акс эттирган; гўзал жойда қурилган бу шаҳарча ўқув, спорт ва турар жой биноларидан иборат бўлиб, меъморлик билан маҳобатлидекоратив санъат маҳсулидир. 50—80-йилларда М.да зилзилага чидамли кўп қаватли турар жой ва жамоат бинолари қад кўтарди. Мехикода бир қанча турар жой даҳалари ва йўлдош-шаҳарлар пайдо бўлди. Ацтек стадиони, Спорт саройи қурилди.

Тасвирий санъати жуда қад. бўлиб, милоддан аввалги 2-минг й.ликдан бошлаб ривожланган. Бу даврга мансуб тош ва терракотадан ясалган ҳайкалчалар, шаклдор идишлар сақланиб қолган. Милоддан аввалги 1минг й.лиқда М. қўлтиғи бўйида яшовчи олмеклар ҳозирги Веракрус ва Таваско штатларида қабариқ тош ёд-горликлар, ибодатхоналар курганлар, тош тобутлар, одам ва ҳайвон қиёфасидаги илохлар ясаганлар. Милодий 1минг й.ликда тотонаклар, сапотеклар, май-ялар гўзал амалий ва тасвирий санъат намуналарини яратдилар. 10—16-а,лар санъатида ҳарбий манзаралар, даҳшатли сиймолар, мураккаб безаклар устунлик қила бошлади.

Мустамлака даврида черковларнинг сирти ва ичи хилма-хил ўймакорлик услубида безатилди, айниқса, 18-асрда ултрабарокко (ҳашамдорлик) ривож топди, ёғоч ўймакорлиги усулида рангбаранг ҳайкаллар ясаш, диний мавзудаги рангтасвир ва одамлар қиёфасини чизиш (Б. де Эчаве, М. Кабрера), кейинчалик академик ҳайкалтарошлик (М. Толса) урф бўлди.

19-а,да М. тасвирий санъатида Европа бадиий маданияти ўзига йўл оча бошлади. Шу билан бирга, тасвирий санъ-атда миллий мавзуга қизиқиш бошланди. 19-аср охири — 20-асрбошларида М.тасвирий санъатига Европадаги янги бадиий оқимлар ("модерн", импрессионизм) таъсир эта бошлади. Бир қанча санъаткорлар (Х. Мурило, С. Эрран) М. санъатини тиклаш, замонавий миллий услуб яратиш ғоясини олға сурдилар. Х. Г. Посада эса халқ бадиий анъаналари билан боғлиқ инқилобийдемократик сатирик графикага асос солди. 50—60-йилларда маҳобатли тасвирий санъатда янги меъморлик бинолари билан боғлиқ асарлар (безакли мозаика, бўртиқ мозаика, нақшлар) асосий ўрин тута бошлади. М.да тасвирий санъат ва графикага Караганда замонавий ҳайкалтарошлик камроқ тараққий этди. М. халқ санъатида индейс ва испан санъати анъаналари қўшилиб кетган.

Мусиқаси

[edit | edit source]

М. мусиқаси қадимдан ўзига хос ва бой. Маҳаллий аҳоли, жумладан, қад. ацтеклар турмушида (мас, диний ва ибодат маросимларида, иш пайтларида) мусика катта рол ўйнаган. Бир қанча шаҳарларда махсус мусика мактаблари бўлган. Бирмунча соф "индейс мусиқаси" айрим чекка жойлардаги туб аҳоли ўртасида ҳануз сақланиб қолган. Ҳозирги М. ҳудудининг катта қисмида испан ва креол мусиқа маданияти таъсирида индейс мусиқаси ҳам учраб туради. Қад. чолғу асбоблари — гитара ҳамда унга ўхшаш гитаррон ва ҳаранита, скрипка, арфа, труба кўпдан машҳур.

Профессионал мусиқа 16-асрдан ривожлана бошлади, 19-аср бошларидан пойтахт ва йирик шаҳарларда италян композиторларининг опералари қўйилди. 1825-йил Мехикода биринчи мусиқа академияси, 1826-йил симфоник оркестр пайдо бўлди. 1866-йил консерватория очилди. 19-асрнинг ўрталаридан опера жанрида ишлайдиган миллий композиторлар пайдо бўла бошлади. С. Реву-элтас ва Ч. Чавес (20-асрнинг 1-ярми) миллий композиторлар мактабининг асосчиларидир. Композиторлар Л. Санди, Д. Аяла, Б. Галиндо, Р. Алфтер, дирижёр Л. Эррера де ла Фуэнте, скрипками Г. Шеринг, пианиночилар К. Барахас ва М. Т. Кастрилон, гитарачи А. Брибеска, ашулачилар Х. Арая, Э. Касановас етакчи мусиқа арбобларидир. Мехикода Миллий симфоник оркестр, Университет симфоник оркестри, Миллий опера, университет ҳузурида олий мусиқа мактаби ишлайди. Бир қанча штатларда симфоник оркестрлар бор. Халқ мусиқасини ижро этадиган кўплаб вокал-инструментал ансамбллар катта муваффақият қозонган.

М.да балет санъати айниқса ривож топган. М. хореография санъати рақс фолклори ва индейсларнинг қад. рақслари билан испан раққосларининг анъаналари заминида пайдо бўлган. Ҳозирги саҳна рақси 30-йилларда америкача "модерн" рақси таъсирида таркиб топа бошлаган. Фолклор билан "модерн" рақсининг қўшилишидан ўзига хос миллий рақс шакллари пайдо бўлди. 1966-йилдан Мехикода ҳар йили халқаро рақс танловлари ўтказилади. 1947-йилдан Миллий балет, 70-йиллардан М. рақси академиясининг замонавий балет жамоаси, мустақил балет труппаси ва бошқа ишлаб турибди. М. фолклор балети чет элларда ҳам жуда машҳур.

Театри

[edit | edit source]

М. театр санъати қад. индейсларнинг диний маросимлари асосида вужудга келган. Афсоналар асосида диний, дунёвий ва ҳажвий томошалар кўрсатилган. М. 16-асрда европаликлар томонидан истило қилинганидан кейин халқ санъати қувғинга учради. Аммо черковнинг қаршилигига қарамай, 1597-йилдан Мехикода "Комедия уйи" театри ишлай бошлади, 1670-йил биринчи доимий "Колисео" халқ театри ишга тушди, Гвадалаҳара (1758), Веракрус (1787) шаҳарларида ҳам доимий театрлар очилди. 1923-йил Драматурглар уюшмаси миллий театр маданиятини яратишда фаол иштирок этди. 1946-йил Мехикода Миллий нафис санъат институти, унинг ҳузурида эса актёрлар ва режиссёрлар тай-ёрлайдиган мактаб очилди. Энг машҳур театрлари: "Хименес Руэда", "Идалго", "Хода", "Реформа", "Инсурхентес", Болалар театри, "Гинол" қўғир-чоқ театри ва бошқа

Киноси

[edit | edit source]

19-аср охиридан кинохроника пайдо бўлди, 1905-йил биринчи бадиий филм кўйилди. 1910-йилда М. мустақиллик кураши ҳақидаги "Алам ҳайқириғи" филми, қисқа метражли комедия ва мелодрамалар чиқарилди. 30-йиллардан овозли кино ривожлана бошлади. С. М. Эйзенштейн бошчилигида 1931—32 йилларда М. ҳақидаги филм яратилиши М. кино арбоблари ҳаётида катта воқеа бўлди. 20-аср 30—40-йилларида яратилган филмларда М.даги ижтимоий низолар, халқ ҳаёти акс эттирилди. "Мария Канделярия" (1944), "Дурдона" (1947), "Рио Эскондидо" (1948), "Қишлоқи қиз" (1949) каби бадиий жиҳатдан юксак кинофилмлар бутун дунёга ма-шҳур бўлди. М. кино санъатининг кей-инги энг яхши асарлари: "Ғишт терувчилар" (режиссёр Х. Фоне), "Жанубдаги уй" (режиссёр С. Олхович), "Пасткаш одамлар" (режиссёр Х. Эстрада),’ "Хуан Перес Холоте" (режиссёр А. Бурнс), "100-меридиан" (режиссёр А. Хоскович). М.да йилига 70 дан ортиқ бадиий филм ишланади, 2000 кинотеатр бор.

Ўзбекистон — Мексика муносабатлари

[edit | edit source]

Манбалар

[edit | edit source]