Jump to content

Саид Аҳмад

Бу мақолани тингланг
From Vikipediya
Саид Аҳмад
Таваллуди 10-июн 1920-йил
Вафоти 5-декабр 2007-йил(2007-12-05)
(87 ёшда)
Ижод қилган тиллари Ўзбек тили
Фуқаролиги СССР ва Ўзбекистон
Шоҳ асари "Жимжитлик", „Келинлар қўзғолони“, „Уфқ“
Мукофотлари Ўзбекистон ҚаҳрамониЎзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбобиХалқлар дўстлиги ордени
Ушбу мақолани тингланг (7 дақиқа)
ноиcон
Спокен Wикипедиа иcон
Бу аудиофайл ушбу мақоланинг 9-август, 2022-йил(2022-08-09) санасидаги версияси асосида яратилган бўлиб, шу санадан кейин амалга оширилган таҳрирларни акс эттирмайди.

Саид Аҳмад, асл исми Саидаҳмад Ҳусанхўжаэв — Машҳур ўзбек адиби. Адиб Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза маҳалласида дунёга келган.

Болалиги

[edit | edit source]

1920-йилнинг 10-июнида Тошкент шаҳрининг Самарқанд дарвоза маҳалласида туғилган. Унинг болалиги Элбек, Ойбек, Ғафур Ғулом сингари адиблар даврасида ўтди. Табиатан қизиқувчан, тиниб-тинчимас Саид Аҳмад адабиётга кириб келгунча жуда кўп соҳаларда ўзини синаб кўрди: агитплакатлар ёзди, артист бўлишга уриниб кўрди, докторлик мактабида ўқиди, қурилиш техникумида таҳсил олди, рассомлик мактабига қатнади, машҳур фоточи Пенсонга шогирд тушди, газеталарга хабарлар ёзди. У Низомий номидаги пединститутда бир муддат ўқигач, 1941-йилда „Муштум“ журналида ишлади. 1942-1943-йилларда республика радиосида, 1943-1947-йилларда „Қизил Ўзбекистон“ газетасида, 1948-1950-йилларда „Шарқ юлдузи“ журналида меҳнат қилди. 50-йиллар бошида миллатчи сифатида бир неча йил қамалиб ҳам чиқди. Миллий истиқлол йўлидаги хизматлари учун Саид Аҳмад 1999-йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Адиб „Ўзбекистон халқ ёзувчиси“ унвонига, Давлат мукофотига сазовор бўлган, „Буюк хизматлари учун“, „Дўстлик“ орденлари билан мукофотланган.

Асарлари

[edit | edit source]

Саид Аҳмад ҳикоянавис сифатида танилган. Унинг „Чўл бургути“, „Лочин“, „Бўстон“, „Тўйбоши“, „Жимжитлик“, „Турналар“, „Ҳайқириқ“, „Алла“, „Муҳаббатнинг туғилиши“, „Қоракўз Мажнун“ сингари ўнлаб ҳикояларида садоқат, меҳр, одамгарчилик, ишонч, эътиқод сингари маънавий қадриятлар таъсирчан акс эттирилган. Адиб ҳикояларида инсон руҳияти товланишларини кўрсатишга катта эътибор берганлиги учун ҳам битганлари завқ билан ўқилади ва у прозанинг шоири ҳисобланади. Ёзувчи ҳажвий ҳикоялар яратиш бўйича Қаҳҳор анъаналарини давом эттирган ижодкордир. Унинг „Собиқ“, „Қоплон“, „Ўрик домла“, „Менинг дўстим Баббаэв“, „Музей“, „Бўри ови“, „Хандон писта“ каби кўплаб ҳажвияларида инсон табиатидаги қусурлар бадиий татқиқ этилади. Саид Аҳмад ҳажвий сўз жилоларини нозик пайқайди ва ундан моҳирона фойдаланади.

Унинг қишлоқ мавзусидаги „Қадрдон далалар“ (1949), „Ҳукм“ (1958) қиссалари, чалкаш инсоний тақдирлар маҳорат билан акс эттирилган „Қирқ беш кун“, „Ҳижрон кунлари“ (1964), „Уфқ бўсағасида“ (1969) романларидан иборат „Уфқ“ трилогияси, инсон қисмати турғунлик даври қабоҳатлари фонида тасвирланган „Жимжитлик“ (1988) романи, Болалар ҳаёти ифодаланган „Шерзод ва Гулшод“ (1945), дунёнинг етти бурчига ёйилган „Келинлар қўзғолони“ (1976), ёлғиз мўйсафиднинг руҳий изтироблари акс эттирилган „Куёв“ (1986) сингари саҳна асарлари адибнинг катта ижодий маҳоратларидан далолатдир.

Вафоти

[edit | edit source]

Саид Аҳмад 2007-йилнинг 5-декабр куни 87 ёшида вафот этди[1].

Ҳикоялар тўплами

[edit | edit source]

Саид Аҳмаднинг биринчи ҳикоялар тўплами — "Тортиқ" (1940). "Эр юрак" (1942), "Фарғона ҳикоялари" (1948), "Чўл бургути" (1960), "Чўл оқшомлари", "Одам ва бўрон" тўпламларига кирган ҳикояларида замондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари эҳтирос билан акс эттирилган. Саид Аҳмад ўз ҳикояларида Ойбекнинг психологик тасвир маҳорати, Ғафур Ғуломнинг юмори, Абдулла Қаҳҳор баёнидаги лаконизмдан ўрганишга интилган ва улар ижоди Саид Аҳмаднинг ёзувчи бўлиб етишишида „дарслик“ вазифасини ўтаган. Айни пайтда у ҳажвчи, юморист сифатида танилган. Ижодининг каттагина қисми ҳажвий-юмористик ҳикоялар, қиссалар, комедиялардан иборат. Романларида ҳам юмористик йўналиш муҳим ўрин тутади. Унинг юмористик маҳорати "Келинлар қўзғолони" (1976), "Куёв" (1986) комедияларида ёрқин намоён бўлган. „Келинлар қўзғолони“даги халқона юмор билан йўғрилган Фармонбиби миллат менталитетини, ўзлигини, кучли ва ожиз жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган бетакрор образ даражасига кўтарилган.

"Уфқ" трилогияси

[edit | edit source]

"Уфқ" трилогияси[2] (1964-1974) адиб ижодида алоҳида ўрин тутади. „Уфқ“ романи ХХ-аср миллат ҳаётининг ўн йиллик даври — Иккинчи жаҳон уруши, уруш ва урушдан кейинги йиллар воқеаларини ўз ичига олади. Трилогияда ўша йиллари халқ бошига тушган мусибатлар, одамлар кўксидаги армонлар, шу мусибатларни енгишга қодир мислсиз матонат ва шижоатлар ёзувчи истеъдодига хос эҳтирос, ўзига ҳос илҳом билан акс эттирилган. Асарда Икромжон, Жаннат, Азизхон, Дилдор, Асрора каби теран, халқчил, ёрқин миллий образлар яратилган.

"Жимжитлик" романи

[edit | edit source]

Жимжитлик (1988) романида сиртдан тинч, сокин кўринган шўро даврининг ички драмалари, тузум инқирози бутун кескинлиги, шиддати билан кўрсатилган. Асардаги деярли барча етакчи персонажлар фожиявий қисмат эгаларидир. Роман ўзининг асов, „бебош“ ифода тарзи билан жозибалидир.

Истиқлол йилларида яратилган асарлари

[edit | edit source]

Саид Аҳмад истиқлол йилларида ҳам ҳаётдаги ўзгаришлар ҳақида кўплаб мақола, бадиалар ёзди, аввалгидек қувноқ юмористик, жўшқин лирик ҳикоялар яратди. "Хандон писта" (1994), "Бир ўпичнинг баҳоси" (1995) ҳажвий тўпламлари, "Йўқотганларим ва топганларим" (1998), "Қоракўз мажнун" (2001), "Киприкда қолган тонг" (2003) китоблари, 3 жилдли „Танланган асарлари“ (2000) чоп этилди. „Йўқотганларим ва топганларим“да Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Шайхзода, Саида Зуннунова ва бошқа бир қатор забардаст ўзбек ёзувчи ва шоирларининг жонли қиёфасини бадиий бўёқларда ифодалаб берди. Истиқлол туфайли одамлар қисмати ва руҳиятидаги емирилишлар ҳақида баҳс қилувчи "Қоракўз мажнун", "От билан суҳбат", "Азроил ўтган йўлларда" ҳикоялари, қатағон даври хотиралари билан боғлиқ. "Борса келмас дарвозаси", "Тақдир, тақдир...", "Офтобойим" ҳикоялари, адибнинг ўзи яқиндан мулоқотда бўлган устоз адиблар, тенгдошлари, шогирдлари ва ниҳоят, ўз ҳаёт ва ижод йўли ҳақидаги хотира эсселари мустақиллик даври ўзбек адабиётида муҳим ҳодиса бўлди.

Саид Аҳмадгагина хос нозик кузатишлар, эркин, асов бир руҳ, ҳам ҳазин, ҳам нурли, покиза туйғулар, беғубор ҳазил мутоибалар билан йўғрилган хотира эсселар бу жанрнинг замонавий ўзбек адабиётидаги энг яхши намуналари қаторида туради. Фелетон жанрида ҳам самарали ижод қилган. 1947-йил „халқ душмани“ сифатида ҳибсга олинган. Сталин вафотидан сўнг оқланган. „Келинлар қўзғолони“, „Куёв“ комедиялари ҳозирги Ўзбек миллий академик театрида, „Келинлар қўзғолони“ дунёнинг кўплаб мамлакатларида саҳналаштирилган. „Уфқ“ асари асосида драмалар, „Ўзбекфилм“ киностудиясида "Муҳаббат можароси" филми (1970) ва бошқалар яратилган. "Дўстлик" (1996), "Буюк хизматлари учун" (1997) орденлари билан мукофотланган.[3][4]

Адабиёт

[edit | edit source]
  • Норматов У., Сайд Аҳмад [Адабий портрет], Т., 1971; Ғафуров И., Прозанинг шоири, Т., 1984.
  • Мирвалиэв С. Ўзбек адиблари. -Т.: „Ёзувчи“, 2000.
  • Каримов Н.ва бошқалар 20 аср ўзбек адабиёти тарихи.-Т.: „Ўқитувчи“, 1999.
  • Қ. Йўлдошев ва бошқалар Адабиёт (6-синф). -Т.: „Ўқитувчи“, 2000.
  • Уфқ, Т., 1976; Сайланма [3 ж.ли], 1982; Танланган асарлар [3 ж.ли], Т., 2000; Қоракўз мажнун, Т., 2001; Киприкда қолган тонг, Т., 2003.

Манбал��р

[edit | edit source]
  1. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад[сайт ишламайди]
  2. учлик
  3. Норматов, Умарали. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  4. * ЎзЛиб кутубхонаси