Jump to content

Тоҳирийлар давлати

From Vikipediya

Тоҳирийлар давлати - Аббосийлар халифалиги парчаланиши муносабати билан Хуросонда ташкил топган давлат (806—873). Асосчиси — Тоҳир ибн Ҳусайн. Халифа Ма'мунга Араб халифалиги тахтини эгаллашга ёрдам бергани учун 821 йилда Тоҳир ибн Ҳусайн Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг ноиби этиб тайинланган. У халифаликдан мустақил бўлишга ҳаракат қилган. 822-йилда хутбадан халифа номи чиқартириб ташланган. Шундай қилиб, Хуросон ва Мовароуннаҳр бошқаруви тоҳирийлар хонадонига мерос бўлиб қолган. Тоҳир ибн Ҳусайннинг ўғли Абул Аббос Абдуллоҳ ноиблиги (828—844) даврида маъмурий марказ Марвдан Нишопур шаҳрига кўчирилган. Тоҳирийлар даврида Сомонхудот авлодлари Мовароуннаҳр шаҳарларида маҳаллий ноиб эдилар. Тоҳирийлар уларни ўзларига тобе сифатида тан олганлар. Тоҳирийлар расман ўзларини халифага тобе деб кўрсацаларда амалда мутлақо мустақил иш юритганлар. Улар даставвал сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ва қишлоқ хўжалигини тартибга солишга ҳаракат қилишган. Деҳқончилик воҳаларининг сув таъминотини яхшилаш учун янги каналлар қазилган. Тоҳирийлар давлат бошқаруви, фуқароларга муносабат, айниқса, солиқ тартибларига алоҳида аҳамият берганлар. Мулкдор деҳқонларнинг жабр зулмидан, оғир солиқлардан безор бўлган аҳоли мамлакатда тез-тез қўзғолон кўтариб турган. 9-асрнинг 60-йилларида Хуросонда ғозийлар фаоллигида халқ қўзғолони авж олиб кетган. 873 йилда Тоҳирийлар ҳукмронлиги тугатилиб, янги Саффорийлар давлати ташкил топган. Мамлакатда содир бўлган бундай сиёсий ўзгаришдан сўнг Мовароуннаҳр Хуросондан ажралиб ўз мустақиллигини тўла тиклаб олиш имконига эга бўлган.