Jump to content

Мезозой эратемаси

From Vikipediya

Мезозой эратемаси (ЭРАСИ) (мезо... ва юн. зоэ — ҳаёт), мезозой — фанерозой эонинияг ўрта йирик бўлинмаси ва Ер геологик тарихининг шунга мувофиқ эраси. Мезозой эратемаси 230 млн. йил аввал бошланган, 163 млн. йил давом этган. Мезозой эратемасини дастлаб 1841-йил инглиз геологи Ж. Филлипс ажратган. 3 система (давр)га бўлинади: триас, юра ва бўр. Мезозой эратемасида ҳозирги материклар ўз шаклига эга бўла бошлаган ва эҳтимол океанлардаги ботиклар ҳам ўша даврда шаклланган. Палеозой эраси охирида барча қад. платформалар денгиз сатҳидан кўтарилган ва герсин бурмаланиши натижасида вужудга келган тоғ системалари билан ўралган. Айрим платформалар туташган, қуруқлик майдони беқиёс кўпайган. Жанубий ярим шарда қад. Гондвана материги катта майдонни эгаллаб турган. Мезозой бошланиши билан Ер пўстининг материк қисмлари чўкиб денгиз трансгрессияси кучайган. Гондвана материги Африка, Жанубий Америка, Австралия, Антарктида материкларига ва Ҳиндистон ярим орол массивига ажралиб кетди. Юра давридан бошлаб қад. платформаларнинг кўп қисмини денгиз босди. Жанубий Европа ва Жан.-Ғарбий Осиёда чуқур букилмалар шакллана бошлади. Шундай букилмалар Тинч океан туби чеккаларидаги Ер пўстида ҳам содир бўлди. Бундай жараён бур даврининг охиригача давом этди. Сунгра материклар кўтарилиб, денгиз сатҳи қисқарди. Мезозой эратемасида бурмаланиш, тоғ ҳосил бўлиши ва магматизм жуда кучайди. Триас ва юра даври денгиз ётқизикларига қора гил ва гилли сланецларнинг қалин қатламлари хос. Иклимий зоналлик бур даврида ҳозиргига яқин бўлган. Мезозойда иқлим сернамлиги ортган. Мўътадил иқлим минтақаларида катта майдонни игна баргли ўрмонлар, папоротник ва бошқа эгаллаган. Ботқокли ўрмонларда ҳосил бўлган торфли ётқизиқлардан кейинчалик кумир қатламлари вужудга келган. Триас даврида айрим жойларда вулканлар фаолияти билан боғлиқ туф ва лаванинг қалин қатламлари ҳосил булди. Юра даврида каттагина майдонларни денгиз суви босди. Ўсимликлар орасида очиқ уруғлилар ҳукмрон мав-қени эгаллади. Юра ва бўр даврида улкан рептилиялар кўпайди. Уларнинг хиллари кўпайиб, сув ва қурқлик калтакесакларига (динозаврлар ва птерозаврлар) бўлинди. Юрада майда сут эмизувчилар ва дастлабки тишли қушлар пайдо бўлди.

Бур даврининг урталаридан ёпиқ уруғли ўсимликлар ҳукмрон бўлиб, ҳозиргача шу мавқеини сақлаб келмоқда. Нам севувчи ўсимликлап эса камайди. Ҳашаротлар кенг тарқала бошлади. Сут эмизувчилар судралувчиларни сиқиб чиқарди. Мезозой эратемаси охирида динозаврлар йўқолиб кетди.

Мезозой эратемаси давомида денгиз флораси ва фаунаси ҳам анча ўзгаради. Пластинкажабрали ва қориноёқли моллюскалар ривожланди. Бошоёқлилардан аммонитлар ва белемнитлар, игнатанлилардан денгиз кирписи ва денгиз лилияси кўпайди. Суякли балиқлар ҳукмрон мавқени эгаллади. Мезозой эратемаси адоғида улкан денгиз рептилиялари, аммонитлар, белемнитлар ва бошқа йўқолиб кетди.

Фойдали қазилмалардан Мезозой эратемаси ётқизикдарида қўнғир кўмир ва тошкўмир, нефт, чўкинди темир рудаси, боксит, фосфорит, тош тузи, олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, қалай конлари бор.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил